“Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусида экспертлар муҳокамаси бўлиб ўтди
2024-10-17 14:00:00 / Пресс-релизлар

2024 йилнинг 17 октябрь куни Тошкентдаги “Renessans Hall” мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусида экспертлар муҳокамаси ташкил этилди.
Маълумот учун: Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ташкил этилади. Шунигдек, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан тегишли битимларни имзолаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида қарорлар қабул қилиш кутилмоқда.
“Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусида экспертлар муҳокамасининг бош мақсади — Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сайловларнинг аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларнинг амалдаги самарадорлигини муҳокама қилиш, шунингдек, “Инсон қадри учун” деган тамойилга асосланган ҳуқуқий ислоҳотларнинг моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.
Тадбирда давлат органлари масъуллари, халқаро экспертлар ва ҳуқуқшунослар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сайловларнинг аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларнинг амалдаги самарадорлигини очиқ мунозара шаклида муҳокама қилдилар.
Тадбир икки сессиядан иборат бўлиб, ҳар иккала сессияда миллий ва халқаро экспертлар иштирокида соҳада амалга оширилган ишлар, илғор тажрибалар ва амалий ечимлар муҳокама қилинди.
Сессия давомида янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил қатъий қилиб белгиланганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилганлиги, инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги мустаҳкамланганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгилангани ҳамда уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ ҳамоҳанг эканлиги алоҳида қайд этилди.
Анжуманда АҚШ, Польша, Ирландия, Финляндия, Швеция, Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистон каби қатор давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар, илғор тажрибалар ва амалий ечимларни эътироф этди.
Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар. Иштирокчилар томонидан Янги таҳрирдаги Конституцияда кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари янада кучайтирилгани қайд этилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг 33 та ваколатлари маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Бу эса партиялар ва номзодлар ўртасида фаол рақобат муҳитини шаклланишига хизмат қилади.
Шунингдек, 2023 йил 18 декабрь куни кучга кирган Конституциявий қонунга асосан Қонунчилик палатасига сайловда аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизимини жорий қилишга доир янги нормалар белгиланди. Депутатларнинг 75 нафари мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзлари танлаган номзодга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади. Бугунги кунда аралаш сайлов тизими 40 га яқин мамлакатларда қўлланилмоқда.
Иштирокчилар аҳолининг сайловларда янада кенгроқ иштирокини таъминлайдиган бу тизимнинг афзалликлари ва имкониятларини кўриб чиқдилар. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу ислоҳот сиёсий кучлар мувозанатини яхшилайди ва энг илғор халқаро амалиётларга мос келадиган тарзда сайловларнинг легитимлигини таъминлайди.
Гендер тенглиги ва инклюзия. Тадбир давомида сиёсий ҳаётда аёлларнинг ўрни алоҳида таҳлил қилинди. Таъкидлангандек, сайлов жараёнини ташкил қилиш ва ўтказишда, номзодларни кўрсатишда аёлларни ўрни янада ошди. Жумладан, сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлардаги хотин-қизларнинг улуши камида 30 фоиз, шунингдек, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.
Амалда парламент депутатлигига жами номзодларнинг 44,7 фоизини, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодларнинг 42,5 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Шунингдек, сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда ёшлар
ҳамда ногиронлиги бўлган ижтимоий фаол фуқароларнинг иштирокини таъминлаш амалиёти жорий қилинди.
Сайлов жараёнларини рақамлаштириш. Яна бир муҳим жиҳат — сайлов жараёнлари рақамлаштирилди. Сайловнинг барча жараёнларида “E-Saylov” ахборот тизими йўлга қўйилди. Сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш. Экспертлар муҳокамасида, шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга доир сўнги ҳуқуқий ислоҳотлар кўриб чиқилди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич шаклда имплементация қилинаётганлиги хорижий экспертлар томонидан эътироф этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 та факультатив протоколлари қоидалари миллий қонунчиликда ўз аксини топган. Бу эса мамлакатнинг халқаро стандартларни миллий ҳуқуқий тизимга имплементация борасидаги саъй-ҳаракатларини яққол кўрсатади.
Анжуманда Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар бўйича халқаро экспертларнинг таҳлили тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Умуман олганда, анжуман Ўзбекистонда демократлаштиришни чуқурлаштириш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган асосий ислоҳотларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди. Тадбирда илгари сурилган ташаббус ва таклифлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократик ўзгаришлар соҳасидаги халқаро стандартларга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати


