Адлия вазири Бухоро вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси фаолияти билан танишди
2026-11-04 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Ташкулов архив соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида архивларда сақланаётган тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва шахсий таркибга оид ҳужжатларни рақамлаштириш, уларнинг электрон нусхаларини яратиш, ҳужжатларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш ҳамда электрон архив базаларини шакллантириш борасидаги ишлар жойида ўрганилди.
Шунингдек, Бухоро вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси учун янги бино қурилиши жараёни билан ҳам танишилди. Хусусан, архив ҳужжатларини узоқ муддат ва талаб даражасида сақлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қўшимча 360 мингта ҳужжат сақлашга мўлжалланган сақловхона қурилиши ишлари кўздан кечирилди.
Мазкур янги сақловхонанинг барпо этилиши архив фондларини кенгайтириш, мавжуд ҳужжатларни белгиланган талаблар асосида сақлаш, уларнинг бутлигини таъминлаш ҳамда келгусида архив хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Қурилиш ишларининг сифатли ташкил этилиши ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилишига эътибор қаратилди.







