Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тизимини такомиллаштириш бўйича Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик давом этмоқда
2026-10-22 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

📌 2026 йил 22 октябрь куни адлия вазири ўринбосари — Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги директори Н. Муҳаммадиев ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари иштирокида Ўзбекистондаги тўловга қобилиятсизлик тизимини диагностик ўрганиш доирасида маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтди.
🤝 Учрашувда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
🔹 тўловга қобилиятсизлик тизимини такомиллаштириш;
🔹 2030 йилгача мўлжалланган Стратегия лойиҳасини халқаро тажриба асосида ривожлантириш;
🔹 ҳужжатлар лойиҳаларига ОТБнинг экспертлик кўмагини жалб қилиш;
🔹 молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш;
🔹 Агентлик ходимларининг малакасини ошириш ва хорижий тажрибани ўрганиш;
🔹 ОТБ томонидан ажратилган маблағлар доирасидаги амалий ишларни жадаллаштириш.
📊 Шунингдек, ОТБ экспертлари амалдаги ҳуқуқий, институционал ва операцион тизим, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш имкониятлари юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
🤝 Учрашув якунида диагностик таҳлил учун зарур маълумотларни тизимлаштириш, экспертлик кўмаги йўналишларини аниқлаштириш ҳамда кейинги ҳамкорлик тадбирларини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.




