Олмазор туманида «Рақамли марказ» фаолияти билан танишилди
2026-10-14 12:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири Акбар Ташкулов Олмазор тумани Давлат хизматлари марказида ташкил этилган «Рақамли марказ» фаолияти билан танишди.
Мазкур лойиҳа фуқароларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш, рақамли платформалардан мустақил фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳамда давлат хизматларини олиш жараёнини янада қулайлаштиришга қаратилган.
«Рақамли марказ»да фуқаролар нафақат давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш, балки солиқ, божхона, меҳнат, таълим, банк-кредит ва бошқа соҳаларга оид рақамли платформаларда ишлаш бўйича ҳам профессионал менторлар кўмагидан фойдаланишлари мумкин.
Рақамлар ва натижалар:
📌 Олмазор тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2025 йилда 115 320 та, 2026 йилнинг 9 ойида эса 87 966 та давлат хизмати кўрсатилган.
📌 Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 2 000 нафардан ортиқ фуқарога myGov мобил иловаси орқали хизматлардан фойдаланишда кўмаклашилган.
📌 Марказда жами 630 турдаги давлат хизмати кўрсатилади. Шулардан 350 дан ортиғини «осон» ва «ўрта» тоифадаги хизматлар ташкил этиб, эндиликда улар фақат «Рақамли марказ» орқали кўрсатилади.
📖 Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, фуқаролар рақамли хизматлардан фойдаланиш кўникмаларини эгаллагач, келгусида уларни мустақил равишда олишлари мумкин. Бу эса Давлат хизматлари марказларига тушадиган юкламани камайтириш, вақт ва харажатларни тежаш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
«Рақамли марказ»лар фаолиятини ривожлантириш орқали аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соҳада инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.









