Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида битим имзоланди
2026-10-14 12:10:00 / Вазирлик янгиликлари
2026 йил 9 октябрь санасида Ўзбекистон тарафидан адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда 2026 йил 17 сентябрь санасида Швейцария тарафидан Федерал адлия департаменти директори ўринбосари Лоренс Фонтана Юнго томонидан икки мамлакат ўртасидаги “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги Битим” имзоланди.
Битим доирасида АҚШ Ғазначилик департаменти Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) томонидан музлатилган ҳамда жорий йил июнь ойида ҳибсдан чиқарилган тахминан 21,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Имзоланган Битим муқаддам 2025 йил 6 февраль санасида имзоланган шу номдаги Битимнинг мантиқий давоми бўлиб, мазкур ҳужжатларга асосан Ўзбекистонга жами 204,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар БМТнинг “Uzbekistan Vision 2030” Кўп шериклик траст Жамғармаси орқали қайтарилади.
Таъкидлаш лозимки, 2022 йил 16 августдаги Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтариш усуллари тўғрисидаги Битим”да ноқонуний орттирилган активларни айнан шу Жамғарма орқали Ўзбекистонга қайтариш механизми ҳамда реституция ишларининг асосий тамойиллари ва мақсадлари мустаҳкамлаб қўйилган.
“Uzbekistan Vision 2030” Жамғармаси орқали қайтарилаётган маблағлар Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида сарфланади. Бунда, устуворлик ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга берилади.
