Интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
2026-10-13 17:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда:
1️⃣ Хизмат асарларига бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солиш. Амалдаги нормага кўра, асар ошкор этилганидан бошлаб 10 йил ўтгач, шартнома шартларидан қатъи назар, мулкий ҳуқуқларнинг муаллифга автоматик равишда қайтишини назарда тутувчи қоидани бекор қилиш ҳамда ушбу масалани тарафларнинг ўзаро келишуви асосида белгилаш таклиф этилмоқда.
2️⃣ Интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорлари устидан шикоят қилиш тартибини такомиллаштириш. Бундай қарорлардан норози бўлган шахсларга муқобил тартибда бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
3️⃣ Патентларнинг амал қилишини сақлаб туриш учун давлат божларини олдиндан тўлаш имкониятини яратиш. Бу тўловларни ихтиёрий равишда олдиндан амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар интеллектуал мулк ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга қаратилган.


