Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар интеллектуал мулк идоралари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
2026-10-12 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар интеллектуал мулк идоралари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Йиғилишнинг асосий мақсади ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни илгари суриш, тажриба ва ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, интеллектуал мулк идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида эришилган келишувларнинг ижросини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда истиқболдаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма декларация имзоланди.


