Адлия вазирлиги ва Корея Эксимбанки вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
2026-10-06 18:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) Тошкент ваколатхонаси раҳбари Канг Сан Жин билан учрашди.
Учрашув давомида Корея Республикасининг давлат секторида сунъий интеллектга асосланган трансформация борасидаги сиёсати ва илғор тажрибаси, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида ҳуқуқий бошқарув ҳамда давлат ҳуқуқий хизматларини модернизация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан «Ҳуқуқий бошқарувни сунъий интеллект асосида трансформация қилиш» лойиҳаси тақдим этилиб, уни амалга ошириш бўйича KEXIM билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари, лойиҳа талаблари ҳамда келгусидаги амалий қадамлар юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар мазкур йўналишда мулоқотни давом эттириш ва истиқболли ҳамкорлик ташаббусларини биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.


