Интеллектуал мулк соҳасида Ўзбекистон–Корея ҳамкорлигининг навбатдаги босқичи бошланди
2026-10-05 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун, 5 октябрь куни Адлия вазирлигида «Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси доирасидаги иккинчи тадқиқот ва маслаҳат миссиясининг очилиш учрашуви бўлиб ўтди. Миссия 5–9 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида давом этади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов, Адлия вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари, шунингдек, Корея интеллектуал мулк институти — KIPI вакиллари ҳамда экспертлари иштирок этди.
Томонлар лойиҳанинг навбатдаги босқичида амалга ошириладиган ишлар, уларнинг умумий жадвали, вазифалар ва масъулият тақсимоти, шунингдек, зарур маълумот ва материалларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Миссиянинг асосий мақсади интеллектуал мулкка оид ҳужжатларни рақамлаштириш, мавжуд маълумотларни тозалаш ва миграция қилиш, шунингдек, «IP Адлия» ахборот тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалий режаларни ишлаб чиқиш ва келишиб олишдан иборат.
Биринчи кун доирасида интеллектуал мулк объектларига оид архив ҳужжатларини рақамлаштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлаш шартлари, маълумотларни турли ахборот тизимлари кесимида солиштириш, мавжуд хатоларни аниқлаш ҳамда маълумотларни тозалаш ва миграция қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Миссия давомида ҳужжатларни рақамлаштириш стандартлари ва иш жараёнлари, маълумотлар сифатини ошириш мезонлари, уларни «IP Адлия» тизимига миграция қилиш механизмлари ҳамда ушбу йўналишларда кейинги амалий чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинади.
Мазкур ҳамкорлик интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, рақамли хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.




