Яширин иқтисодиётга қарши курашиш: Яшнободдаги ишлар танқидий ўрганилди
2026-10-04 13:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Адлия вазири Акбар Ташқулов Яшнобод туманида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, савдо жараёнларида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хусусан, вазир «Авиасозлар» бозорида бўлиб, савдо нуқталари фаолияти, бозор инфратузилмаси, тадбиркорлар учун яратилган шароитлар ҳамда ҳисоб-китобларнинг белгиланган тартибда юритилишини кўздан кечирди.
Ўрганиш жараёнида савдо фаолиятини қонуний ташкил этиш, нақд пул айланмасини шаффофлаштириш, назорат-касса техникаларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, савдо жараёнларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, тадбиркорлар учун тенг ва адолатли шароит яратиш ҳамда яширин иқтисодиётга замин яратаётган омилларни бартараф этиш юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.
Масъулларга ноқонуний ва рухсатсиз савдо ҳолатларининг олдини олиш, ҳисоб-китобсиз маҳсулот реализациясига чек қўйиш, аниқланган муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.






