Ўзбекистон делегацияси IAIR конференциясининг ялпи мажлисида иштирок этди
2026-10-01 15:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси Халқаро тўловга қобилиятсизлик регуляторлари ассоциацияси (IAIR) конференцияси доирасида ўтказилган ялпи мажлисда иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов сўзга чиқиб, Адлия вазирлиги ҳузурида яқинда ташкил этилган Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги, унинг асосий вазифалари ҳамда мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга тақдим этди.
Хусусан, молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналарни эрта қўллаб-қувватлаш, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, суд бошқарувчилари институтини ривожлантириш, уларнинг касбий стандартларини ошириш, Суд бошқарувчилари палатаси ташкил этилгани ҳамда соҳани рақамлаштириш мақсадида барча асосий маълумот ва хизматларни бирлаштирувчи ягона электрон платформани яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар қайд этилди.
М. Истамов Агентликнинг IAIRга аъзо бўлиши халқаро регуляторлар билан амалий тажриба алмашиш, илғор хорижий амалиётларни ўрганиш ва тўловга қобилиятсизлик тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш учун янги имкониятлар яратишини алоҳида таъкидлади.
Ялпи мажлис давомида турли мамлакатларнинг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги ислоҳотлари ва амалий тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.


