ТДЮУ — 35 йил: юридик таълим, илм-фан ва инновациялар янги тараққиёт босқичида
2026-09-29 15:55:00 / Вазирлик янгиликлари

✅ Тошкент шаҳрида Тошкент давлат юридик университети ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган «Ҳуқуқий давлат сари 35 йил. Юридик таълим, илм-фан ва инновациялар янги тараққиёт босқичида» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
➡️ Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар, битирувчилар ва талабалар иштирок этди.
➡️ Тадбирнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Ташкулов сўзга чиқиб, замонавий юридик таълимни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда янги авлод ҳуқуқшуносларини тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
📌 Бугунги кунда ТДЮУда юридик таълим ва илм-фанни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан:
🔵 факультетлар фаолиятида академик департамент, тадқиқот маркази ҳамда амалиёт ва карьера марказидан иборат янги бошқарув модели шакллантирилди;
🔵 2026–2030 йилларда юридик илм-фанни ривожлантириш бўйича 14 та тематик блок доирасида 31 та устувор йўналиш ва 182 та кичик йўналиш белгиланди;
🔵 назария ва амалиёт интеграциясини кучайтириш мақсадида 2–4-босқич талабалари учун 120 та давлат ва хусусий ташкилотда доимий амалиёт тизими йўлга қўйилди;
🔵 университет битирувчиларининг қарийб 96 фоизи иш билан таъминланган, 2025/2026 ўқув йили битирувчиларининг 72 фоизи эса университетни тамомламасдан туриб дуал таълим орқали банд қилинган;
🔵 профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар томонидан Scopus базасига кирувчи халқаро илмий журналларда 71 та мақола чоп этилди;
🔵 2026 йил август ҳолатига 38 та илмий ҳимоя, жумладан, 6 та DSc ва 32 та PhD ҳимояси амалга оширилди.
✅ Ҳуқуқшунослик алоҳида касб. Юристнинг қўлида инсон тақдири, унинг мулки, эркинлиги ва шаъни бор. Шунинг учун ҳуқуқшуносдан чуқур билим билан бирга пок виждон, ҳалоллик ва мустаҳкам ирода талаб этилади, — таъкидлади адлия вазири Акбар Ташкулов ўз нутқида.
➡️ Конференция доирасида, шунингдек, университетнинг «ТДЮУ–2030» тараққиёт стратегияси, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда юридик таълимни рақамлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.









