Рақамли давлат: ягона ёндашув, замонавий бошқарув ва фуқаролар учун янги имкониятлар
2026-09-25 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

ICT WEEK Uzbekistan 2026 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш, идоралараро интеграцияни кучайтириш ҳамда аҳоли учун қулай ва замонавий давлат хизматларини ривожлантиришга бағишланган амалий сессия бўлиб ўтди.
📌 Мазкур тадбирда Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти бошлиғи Элдор Маҳкамов иштирок этиб, давлат хизматларини рақамлаштириш ва аҳолининг рақамли имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр билдирди.
Сессия давомида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
➖ давлат ахборот тизимларини ягона рақамли муҳитга интеграция қилиш;
➖ фуқаролар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, проактив ва комплекс давлат хизматларини жорий этиш;
➖ давлат бошқарувида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш;
➖ рақамли идентификация ва шахсий маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш.
🏆 Тадбир доирасида Адлия вазирлиги давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаоллиги ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Рақамли интеграция ва стратегик ҳамкорлик бўйича энг яхши ташкилот» номинацияси билан тақдирланди.
Рақамли трансформациянинг асосий мақсади — технологияларни жорий этишнинг ўзи эмас, балки улар орқали фуқаролар учун янада қулай, тезкор, очиқ ва самарали давлат хизматларини яратишдир.



