Андижон вилояти адлия бошқармасида асосий фаолият йўналишларида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди
2026-09-23 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари

✅ Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Ташқулов Андижон вилояти адлия бошқармасида адлия органлари фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида эришилиши лозим бўлган натижалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Хусусан, тақдимотда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар, давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларнинг қонунийликни таъминлашдаги ўрни, ҳуқуқий экспертиза ва ҳуқуқий хулосалар сифатини ошириш борасидаги натижалар кўриб чиқилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, аҳолининг турли қатламларига ҳуқуқий ахборотни етказиш, замонавий медиа ва рақамли платформалардан самарали фойдаланиш, ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг манзиллилигини таъминлаш бўйича эришилган натижалар тақдим этилди.
Шу билан биргаликда, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ягона методик ёндашув асосида шакллантириш, қонунчилик нормаларининг ҳудудларда бир хил ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда амалиётга ягона ёндашувларни жорий этиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тақдимотнинг яна бир муҳим йўналиши интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланди. Ушбу йўналишда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, муаллифлар ва ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал мулкдан қонуний фойдаланиш маданиятини ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
✅ Тақдимот давомида ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд натижалар билан бир қаторда, фаолият самарадорлигини янада ошириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш, рақамли имкониятлардан кенг фойдаланиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.









