«Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасасида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди
2026-09-17 15:35:00 / Вазирлик янгиликлари

✅ Бугун, 17 сентябрь куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасасида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ўтказилди.
Тадбир жамоатчилик билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ёшларнинг интеллектуал мулк соҳасига қизиқишини ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.
📌 Унда Адлия вазирлиги масъул ходимлари, «Миллат умиди мактаби» хусусий таълим муассасаси ўқувчилари ҳамда Тошкент кимё-технология институти талабалари иштирок этди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Марказ биносида ташкил этилган махсус кўргазма бурчаклари билан танишиб, интерактив экскурсияларда қатнашдилар.
🟦 Иштирокчиларга қуйидаги интеллектуал мулк объектлари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди:
⏩ Ихтиро ва фойдали моделлар — уларнинг яратилиши, ҳуқуқий муҳофазаси ва амалий аҳамияти;
⏩ Селекция ютуқлари, саноат намуналари, географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номлари — уларнинг қўлланиш соҳалари ва ҳуқуқий асослари;
⏩ Товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари — бренд ва маҳсулотни идентификация қилишдаги ўрни, шунингдек, контрафакт маҳсулотлардан фарқи;
⏩ Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари — ижодий фаолият натижалари, уларни ҳимоя қилиш механизмлари ва муаллифлик ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари.
✔️ Тадбир икки босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда «Миллат умиди мактаби» ўқувчилари, иккинчи босқичда эса Тошкент кимё-технология институти талабалари кўргазма бурчаклари билан танишдилар.
🟦 Марказ мутахассислари ҳар бир гуруҳга мавзулар юзасидан қизиқарли ва интерактив тарзда маълумотлар тақдим этиб, савол-жавоблар ташкил этдилар.
Иштирокчилар «Очиқ эшиклар куни» тадбири юқори савияда ташкил этилгани, мазмунли ва фойдали маълумотларга бой бўлганини алоҳида таъкидладилар.









