«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун Сенаторлар томонидан маъқулланди
2026-09-10 15:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Аввал хабар берилганидек, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, низосиз талабларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган мазкур Қонун Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган эди.
Бугун Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида мазкур Қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодексларига, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Унда низосиз талаблар бўйича суд буйруғини чиқариш доирасини қисқартириш, нотариат фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ижро хатлари учун ундириладиган давлат божларини мақбуллаштириш назарда тутилмоқда.> <>Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, қонунда белгиланган мезонларга мос келувчи БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган низосиз талаблар бўйича нотариусга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилмоқда. Бу орқали бундай талабларни судга мурожаат қилмаган ҳолда нотариус орқали расмийлаштириш ва ижрога қаратиш механизми соддалаштирилади.
Шунингдек, нотариуслар томонидан расмийлаштириладиган ижро хатларини электрон шаклда ижро органларига тўғридан-тўғри юбориш имконияти яратилмоқда.
Бу, ўз навбатида, ҳужжатларни қоғоз шаклида тақдим этиш билан боғлиқ ортиқча жараёнларни қисқартиришга хизмат қилади.
Муҳокама давомида мазкур ўзгартиришлар судлар иш юкламасини камайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг вақти ҳамда харажатларини тежаш, низосиз талабларни тезкор расмийлаштириш ҳамда ижро самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунига кўра, мазкур Қонун Сенаторлар томонидан маъқулланди.


