Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-09-10 14:55:00 / Вазирлик янгиликлари

✅ Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Адлия вазири Акбар Ташқулов ҳамда янги тайинланган Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Симон Гигер билан учрашув бўлиб ўтди.
🔘 Учрашув давомида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, интеллектуал мулк, юридик таълим, илм-фан соҳалари ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида Адлия вазирлиги ва Швейцария Федерал интеллектуал мулк институти ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Женева, Фрибург ва Швейцариянинг бошқа етакчи университетлари ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар ҳамда мутахассислар малакасини оширишга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.
🤝 Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.




