Тошкент халқаро тижорат судини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-04 15:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун, 4 сентябрь куни Адлия вазири Акбар Ташқулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан учрашди.
Мулоқотда “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий Қонун ижроси доирасида Тошкент халқаро тижорат судини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда медиация, халқаро арбитраж ва низоларни муқобил ҳал этиш механизмларини ривожлантириш, хорижий экспертлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инглиз ҳуқуқи бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, медиация институти ҳам жадал ривожланаётгани, медиация келишувлари сони 4 баробарга ўсиб, 2026 йил I ярим йиллигида 18 411 тага етгани қайд этилди. Суд жараёнида эса 2 897 та медиация келишуви тузилган бўлиб, бу рақамлар мамлакатда ушбу институтга бўлган ишонч ва талаб ортиб бораётганини кўрсатади.
Учрашув якунида томонлар Тошкент халқаро молия маркази доирасида замонавий ҳуқуқий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.






