“oriGIn Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди
2026-09-03 11:40:00 / Вазирлик янгиликлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 375-сон қарори ижроси доирасида Тошкент давлат юридик университети, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси муассислигида ташкил этилган “oriGIn Uzbekistan” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ташкилотнинг асосий мақсади географик кўрсаткичларни ривожлантириш ва кенг тарғиб қилиш, миллий маҳсулотларни хорижий бозорларда илгари суриш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандларга географик кўрсаткичларни аниқлаш, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда тижоратлаштириш жараёнларида ҳуқуқий ва услубий кўмак кўрсатишдан иборат.
“oriGIn Uzbekistan” фаолияти доирасида:
✅ истиқболли географик кўрсаткичларни аниқлаш ва уларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш;
✅миллий географик кўрсаткичларни мамлакатимизда ва хорижда тарғиб қилиш;
✅географик кўрсаткичлардан фойдаланиш бўйича тадбиркорлар бирлашмаларини ривожлантириш;
✅миллий маҳсулотларни тижоратлаштириш ва халқаро бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш;
✅географик кўрсаткичларга бағишланган фестиваль, кўргазма-ярмарка ва бошқа тарғибот тадбирларини ташкил этиш назарда тутилган.
“oriGIn Uzbekistan” миллий маҳсулотларнинг ўзига хослиги ва келиб чиқишини халқаро миқёсда танитиш, уларнинг иқтисодий қийматини ошириш ҳамда “Made in Uzbekistan” брендининг нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
