Тўловга қобилиятсизлик тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-08-27 15:50:00 / Вазирлик янгиликлари

27 август куни адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов Осиё тараққиёт банкининг Ҳуқуқ ва сиёсатни ислоҳ қилиш бўйича бош юридик маслаҳатчиси ёрдамчиси Кристина Пак билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тизимини янада такомиллаштириш, илғор халқаро тажрибани миллий амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан:
қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва лойиҳаларни хорижий экспертлар иштирокида кўриб чиқиш;
Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ходимлари ҳамда суд бошқарувчиларининг малакасини ошириш, хорижий давлатларда ўқув дастурларини ташкил этиш;
соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;
тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ жараёнларни қамраб олувчи Ягона электрон платформани ишга тушириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишдаги ислоҳотларни халқаро илғор тажриба асосида давом эттириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.




