Ўзбекистонда халқаро тижорат низоларини медиация орқали ҳал этиш имкониятлари кенгайтирилади
2026-08-27 11:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири Акбар Ташкулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сингапур халқаро медиация маркази (SIMC) раиси Жорж Лим билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантириш, халқаро низоларни судгача тез, самарали ва ишончли ҳал этиш механизмларини кенгайтириш бўйича амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олди:
Қўшма тренинглар — ўзбекистонлик мутахассислар учун халқаро тижорат медиацияси бўйича SIMC экспертлари иштирокида ўқув дастурларини ташкил этиш;
Амалий тажриба — ўзбекистонлик медиаторларни SIMC кўриб чиқаётган реал ишлар жараёнига жалб этиш орқали халқаро даражадаги кўникмаларини ошириш;
Минтақавий марказ — SIMCнинг минтақавий ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш имкониятларини ўрганиш;
Қўшма тадбирлар — медиацияни оммалаштиришга қаратилган халқаро конференция ва форумларни биргаликда ташкил этиш.
2014 йилда ташкил этилган SIMC бугунги кунда халқаро тижорат низоларини медиация орқали ҳал этишга ихтисослашган нуфузли институтлардан бири ҳисобланади.
Мақсад — инвестор ва тадбиркорлар учун низоларни узоқ суд жараёнларисиз, тез ва самарали ҳал этиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муқобил низоларни ҳал этиш маркази сифатидаги салоҳиятини ошириш.

