Андижонда 100 та янги бренд яратилади!
2026-08-20 16:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугунги рақобат шароитида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Уни танитиш, ўз брендини яратиш ва энг муҳими — ҳуқуқий ҳимоя қилиш тадбиркорнинг бозордаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Шу мақсадда Адлия вазирлиги ташаббуси билан Андижон давлат техника институтида “Андижоннинг 100 та янги бренди” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил этилди.
Адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов иштирок этган тадбирда тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини кучли брендга айлантириш, товар белгиларини яратиш ва уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Лойиҳа тадбиркорларга нима беради?
— ўз маҳсулоти учун кучли ва таниладиган бренд яратиш;
— бренд идентификацияси ва дизайнини такомиллаштириш;
— товар белгисини миллий ва халқаро даражада ҳуқуқий ҳимоя қилиш;
— яратилган логотипларни мутахассислар иштирокида экспертизадан ўтказиш;
— маҳсулотнинг бозордаги рақобатбардошлиги ва танилишини ошириш имкониятини беради.
Шунингдек, сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Унда 232 нафар тадбиркор иштирок этиб, якунда 120 нафар тадбиркорнинг ўз товар белгисини рўйхатдан ўтказиши учун талабномалар топширилди.
Мақсад аниқ — Андижонда ҳуқуқий ҳимояланган, рақобатбардош ва бозорда ўз ўрнига эга 100 та янги бренд яратиш.
Маҳаллий маҳсулот — кучли брендга, кучли бренд эса катта бозорга чиқиши керак.









