Адлия вазири Хоразмда: давлат хизматларининг сифати ва фуқаролар учун қулайликлар эътибор марказида
2026-08-17 16:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири Акбар Ташкулов Хоразм вилоятида Хива шаҳар, Хива ва Хонқа туман адлия бўлимлари фаолияти билан танишди.
Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ, Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ҳамда нотариуслар томонидан аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий ва давлат хизматларининг сифати, фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ва хизмат кўрсатиш жараёнлари кўриб чиқилди.
Асосий эътибор:
— фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш;
— давлат хизматларини рақамлаштириш ва онлайн хизматлар улушини ошириш;
— фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш;
— электрон платформаларни аҳоли учун янада содда ва қулай қилиш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, “Дафн этиш ишларини рўйхатга олиш ягона электрон дафтари” тизимида иш юритиш амалиёти билан танишилди.
Адлия ходимларининг таклиф ва фикрлари тингланиб, my.gov.uz порталидан фойдаланиш бўйича фуқаролар кўникмаларини ошириш, хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда рақамли трансформацияни жадаллаштириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Асосий мақсад — фуқарога қулай, тезкор ва замонавий давлат хизматларини таъминлаш.








