117 мингдан ортиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар эътироф этилди
2026-08-11 11:35:00 / Вазирлик янгиликлари
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йиллар давомида ечимини кутган муҳим ижтимоий масала — ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга қадар “Эътироф” ахборот тизими орқали 833 мингдан ортиқ объектларнинг йиғмажилд маълумотлари шакллантирилиб, 117 164 та кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш жараёни якунланди.
Мазкур ислоҳот натижасида минглаб юртдошларимиз учун:
кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш;
мерос ва бошқа мулкий масалаларни ҳал этиш;
яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш;
ижтимоий ёрдам олиш;
фарзандларини мактаб ва боғчага жойлаштириш;
уй-жойларни коммунал тармоқларга улаш имкониятлари яратилмоқда.
Жараёнларни янада тезлаштириш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида янги енгилликлар ҳам жорий этилди.
ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 150 кундан 50 кунгача — 3 бараварга қисқартирилди;
бир марталик тўловнинг 50 фоизи 20 иш куни ичида тўлиқ тўланган тақдирда, қолган қисмига чегирма берилади;
белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаса, уни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилди;
солиқ қарздорлиги БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган кўчмас мулк объектларига нисбатан ҳам ҳуқуқларни эътироф этиш имконияти яратилди;
бино ва иншоот қурилиши тақиқланган ҳудудда жойлашган бўлса, ер участкасининг қурилиш тақиқланган ҳудудга тушган қисми чиқариб ташланиб, қолган қисмига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш белгиланди.
