Ўзбекистон халқаро медиация бўйича Сингапур конвенциясига қўшилмоқда
2026-08-10 16:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Сенатнинг 18-ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг БМТнинг медиация натижасида эришилган халқаро келишув битимлари тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилишини назарда тутувчи Қонун маъқулланди.
Қонун билан қандай имкониятлар яратилади?
Халқаро тижорат низолари бўйича медиация орқали эришилган келишувларни Конвенцияга аъзо давлатларда соддалаштирилган тартибда тан олиш ва ижро этиш имконияти яратилади.
Тадбиркорларнинг хорижий ҳамкорлар билан юзага келадиган низоларни судга мурожаат қилмасдан, медиация орқали тезкор ва кам харажат билан ҳал этиш имкониятлари кенгаяди.
Халқаро медиация орқали эришилган келишувларнинг ижроси учун халқаро ҳуқуқий кафолатлар кучаяди.
Шу билан бирга, Конвенция давлат органлари ёки улар номидан ҳаракат қилувчи шахслар иштирокидаги келишувларга татбиқ этилмайди. Шунингдек, у келишув тарафлари Конвенцияни ўз муносабатларига қўллашга розилик билдирган тақдирдагина амал қилади.
Қонуннинг қабул қилиниши инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро савдо-иқтисодий муносабатлардаги нуфузини янада кучайтиришга хизмат қилади.


