Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳуқуқий ахборот тизимини ривожлантиришнинг янги босқичи муҳокама қилинди
2026-07-24 15:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазирлигида Корея Республикасининг KSP 2025/26 лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳуқуқий ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Адлия вазирлиги, "Адолат" миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Корея делегацияси вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда лойиҳа доирасида эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, ҳуқуқий ахборот тизимини янада ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, электрон қонунчилик инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Lex.uz платформасини модернизация қилиш бўйича ишлаб чиқилган Ахборот стратегияси (ISP) ва уни амалга ошириш юзасидан йўл харитаси тақдим этилди.
Шунингдек, иштирокчилар лойиҳа натижалари, истиқболдаги устувор вазифалар ва янги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, ўз таклифларини билдирди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда замонавий ҳуқуқий ахборот тизимини ривожлантириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда давлатнинг рақамли ҳуқуқий инфратузилмасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.








