“Қонунга садоқат, адолатга хизмат — келгуси фаолиятнинг бош мезони!” шиори остидаги ТДЮУ битирувчилари учун диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
2026-07-22 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун “Халқлар дўстлиги” саройида Тошкент давлат юридик университетининг 2025/2026-ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир давлат ва жамоат ташкилотлари, суд-ҳуқуқ тизими, халқаро ҳамкорлар, профессор-ўқитувчилар, битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарини бир майдонга жамлади.
Маросим давомида университетнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари алоҳида эътироф этилди:
200 дан ортиқ талаба академик мобиллик дастурлари орқали хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил олди;
50 нафарга яқин битирувчи АҚШ ва Европа олий таълим муассасаларида магистратура босқичида ўқишни давом эттириш имкониятини қўлга киритди;
1490 нафар битирувчи диплом олишидан аввал иш билан таъминланди;
Университет халқаро рейтингларда юқори натижаларни қайд этиб, юридик таълим сифатини яна бир бор намоён этди.
Тадбирда битирувчиларни табриклаш учун сўзга чиққан адлия вазири Акбар Тошқулов битирувчиларга мурожаат қилиб, шундай деди:
“Қонунни билиш ҳуқуқшуносни мутахассис қилади. Адолатни ҳис қилиш эса уни буюк ҳуқуқшуносга айлантиради.”
Янги ҳаёт сари қадам қўяётган барча битирувчиларни ушбу муҳим босқич билан муборакбод этамиз! Келгуси фаолиятингизда қонунга садоқат, адолатга хизмат ва юрт равнақи йўлида улкан зафарлар ёр бўлсин!








