Ўзбекистон ва БИМТ бизнес учун интеллектуал мулк йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-07-15 17:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) Ассамблеяларининг 68-серияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари – интеллектуал мулк масалалари бўйича миллий орган раҳбари Музраф Икрамов ҳамда БИМТнинг Бизнес учун интеллектуал мулк бўлими директори Гай Пессах ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида:
Ўзбекистонда интеллектуал мулкни тижоратлаштириш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди;
2026 йил март ойида Самарқанд ва Бухоро вилоятларида БИМТ, TÜRKPATENT ҳамда INTA ҳамкорлигида амалга оширилган «100 янги бренд» лойиҳасининг натижалари юқори баҳоланди. Лойиҳа доирасида юзлаб тадбиркорлар халқаро экспертлардан амалий маслаҳатлар олди;
Гай Пессах Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, интеллектуал мулк объектларини иқтисодий фаолликка жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий брендларни ривожлантириш борасидаги ишларни юқори баҳолади.
Томонлар Ўзбекистонда IP Management Clinic дастурини жорий этиш, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун интеллектуал мулкни бошқариш стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда IP Business Center лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш ҳамда бизнес учун замонавий қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

