Ўзбекистон ва Россия интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-07-14 16:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) Ассамблеяларининг 68-серияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари – интеллектуал мулк масалалари бўйича миллий орган раҳбари Музраф Икрамов ҳамда Россия Федерацияси Федерал интеллектуал мулк хизмати (Роспатент) раҳбари Юрий Зубов ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашув якунида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Учрашув давомида:
Ўзбекистон ва Россия ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда Меморандум доирасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди;
мутахассислар малакасини ошириш, қўшма ўқув дастурлари, стажировкалар ва семинарларни ташкил этиш, патент экспертизаси ҳамда патент иш юритиш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди;
Патент иш юритишини тезлаштириш дастури (Patent Prosecution Highway – PPH) механизмини жорий этиш истиқболлари ҳамда патент аризаларини кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди;
интеллектуал мулк соҳасида давлат хизматларини такомиллаштириш, рақамли ечимларни ривожлантириш ҳамда бизнес, илмий ва таълим муассасалари, ёш ихтирочилар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар имзоланган Қўшма чора-тадбирлар режаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, экспертлар алмашинуви, патент экспертизаси, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги қўшма ташаббусларни изчил амалга оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.


