Ўзбекистон ва Корея Республикаси интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда
2026-07-09 11:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Швейсариянинг Женева шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ)га аъзо давлатлар Ассамблеяларининг 68-серияси доирасида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Адлия вазири ўринбосари – интеллектуал мулк масалалари бўйича миллий орган раҳбари Музраф Икрамов бошчилигида Корея Республикаси Интеллектуал мулк вазири Ким Ёнг Сун билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув давомида:
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди;
KOICA дастури доирасида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси юқори баҳоланиб, уни самарали давом эттириш бўйича фикр алмашилди;
Интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши натижасида етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш механизмларини такомиллаштириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда илғор Корея тажрибасини жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Интеллектуал мулк вазирлиги ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумини имзолаш бўйича якуний келишувга эришдилар.
Учрашув якунида томонлар интеллектуал мулк соҳасида институционал ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш ҳамда тажриба алмашишни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

