Ўзбекистон делегацияси БИМТ Ассамблеяларининг 68-серияси йиғилишларида иштирок этмоқда
2026-07-08 17:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Швейцариянинг Женева шаҳрида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ)га аъзо давлатлар Ассамблеяларининг 68-серияси йиғилишлари бошланди.
Мазкур нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегацияси Адлия вазири ўринбосари – интеллектуал мулк масалалари бўйича миллий орган раҳбари Музраф Икрамов бошчилигида иштирок этмоқда.
Ассамблея доирасида Ўзбекистон делегацияси БИМТнинг Ўтиш даври ва ривожланаётган мамлакатлар бўйича бўлими директори Ҳабип Асан билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув давомида:
Ўзбекистон ва БИМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди;
2026 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб географик кўрсаткичларни тижоратлаштириш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди;
Ўзбекистоннинг Лиссабон битими доирасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусан, миллий экспертлар малакасини ошириш бўйича БИМТнинг амалий ва экспертлик кўмаги давом эттирилиши муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳабип Асан 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “IP for Women” лойиҳасининг якуний босқичи юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Учрашув якунида БИМТ 2027–2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида экспертлик, методик ҳамда техник кўмакни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Томонлар Ўзбекистон ва БИМТ ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги қўшма ташаббусларни изчил амалга оширишга келишиб олдилар.


