Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди
2026-07-06 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги вакиллари ҳамда Жаҳон банки экспертлари иштирокида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги ер ислоҳотларининг истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, ер ресурсларини бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги ва узлуксизлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ер муносабатларини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ерга бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлаш ва уни ҳақиқий бозор активига айлантириш, ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш жараёнларига бозор тамойилларини жорий этиш бўйича муҳим қадамлар ташланди.
Муҳокамалар чоғида Жаҳон банки экспертлари томонидан Ўзбекистонда ер ислоҳотлари янги босқичга кўтарилгани ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни янада ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий ва институционал асослар шаклланиб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, хорижий экспертлар томонидан мазкур йўналишда бир қатор тавсиялар берилди. Айниқса, ўтган асрнинг 90-йилларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш орқали илғор натижаларга эришган Шарқий Европа давлатларининг, ерга хусусий мулк ҳуқуқи олдиндан ривожланиб келган Германия, Франция, Нидерландия ва Туркия каби давлатларнинг ер муносабатларини тартибга солиш ва ер бозорини ривожлантириш борасидаги самарали тажрибалари алоҳида қайд этилди.
Муҳокамаларда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, мазкур йўналишда ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди. Ерга оид ҳуқуқларни янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув қатнашчилари ерга оид ҳуқуқларни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичида давлатнинг ижарага берувчи сифатидаги маъмурий таъсир кўрсатиш воситалари ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермаслигини, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларини давлат томонидан тартибга солишда зарур турдаги маҳсулот етиштиришни субсидиялаш механизмлари кўпроқ самара беришини таъкидладилар.
Учрашув якунида мазкур масалани кенг қамровли ва комплекс ёндашув асосида кўриб чиқиш, ҳар томонлама пухта таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон шароитида ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш имкониятларини чуқур ўрганишга келишиб олинди.
Айни пайтда, мазкур йўналишда Жаҳон банки билан самарали ҳамкорликни давом эттириш, халқаро экспертларнинг илғор тажрибаси ва тавсияларини инобатга олган ҳолда, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.


