Адлия вазири Акбар Тошқулов Шайхонтоҳур тумани Давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишди
2026-07-01 15:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири Акбар Тошқулов Шайхонтоҳур тумани Давлат хизматлари марказида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари ҳамда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Жараёнда давлат хизматларини рақамлаштириш, онлайн хизматлар улушини ошириш, фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда электрон платформаларни фойдаланувчилар учун янада қулай ва содда шаклда такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда замонавий рақамли ечимларни кенг жорий этиш, хизмат кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда аҳолининг давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Якунда давлат хизматлари сифатини янада ошириш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда фуқаролар учун қулай, тезкор ва замонавий хизматларни таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.







