Ўзбекистон делегацияси CALI семинарида иштирок этди
2026-06-11 16:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 10–11 июнь кунлари Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Осиё қонунчилик институтлари кенгаши (CALI)нинг навбатдаги семинари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Семинар доирасида Кенгашга аъзо давлатлар, жумладан Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Таиланднинг инвестиция соҳасидаги қонунчилиги, инвестицияларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда мазкур йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида аъзо давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Семинар инвестиция фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва давлатлар ўртасидаги профессионал ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.




