“Уддабурон” тадбиркор мақсади амалга ошмай қолди.
2026-06-09 10:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Ҳозирги кунда кўплаб тадбиркорлар ўз брендини рўйхатдан ўтказиб, уни ривожлантириш мақсадида моддий ресурсларини сарфлаётган бир вақтда тайёр маҳсулотдан рухсатсиз фойдаланишга уринаётган айрим “уддабурон” шахслар афсуски йўқ эмас.
Шундай тадбиркорлардан бири “Y.W.” МЧЖ, тезда бойиб кетиш ва катта фойда олиш мақсадида “SAMSUNG ELECTRONICS CO. LTD” компаниясига тегишли бўлган “SAMSUNG” товар белгисига истеъмолчини адаштириш даражасида ўхшаш бўлган “samsyng” белгили электроника маҳсулотларини республикамиз ҳудудига олиб киришга уринган.
Ҳолат юзасидан “SAMSUNG ELECTRONICS CO. LTD” компанияси судга мурожаат қилди ва суднинг 04.06.2026-йилдаги қарори билан “Y.W.” МЧЖнинг хатти-ҳаракатлари интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилиши деб топилди ва “Y.W.” МЧЖ томонидан хорижий давлатдан импорт қилинган “samsyng” белгили электроника маҳсулотларига нисбатан тақиқ қўйилди ҳамда жавобгардан суд харажатлари ундирилиши белгиланди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Ўз брендингизни рўйхатдан ўтказишингизни ҳамда брендингиздан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига дуч келганингизда Адлия вазирлигининг “1008” ишонч телефони орқали хабар беришингизни ёки info@adliya.uz электрон почта манзили орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз!
