ЭЪТИРОФ
2026-06-03 09:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазирлиги Ўзбекистонда давлат органлари орасида биринчилардан бўлиб “ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими” халқаро стандарти сертификатини қўлга киритган.
Мазкур стандарт талаблари асосида сертификатланган ташкилотларда сифат менежменти тизимининг халқаро талабларга мувофиқлиги ҳар йили баҳолаб борилади. Шу мақсадда жорий йилнинг 21–22 май кунлари Адлия вазирлигида халқаро “CERT International” ташкилоти аудиторлари томонидан навбатдаги кузатув аудити ўтказилди.
Аудит давомида вазирликда сифат менежменти тизими талабларининг жорий этилиши, ички жараёнларнинг самарадорлиги ҳамда хизматлар сифатини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар баҳоланиб, халқаро стандарт талабларига тўлиқ мувофиқлиги тасдиқланди.
Мазкур натижа Адлия вазирлигида сифат менежменти тизими самарали йўлга қўйилгани, бошқарув жараёнлари халқаро стандартлар асосида ташкил этилгани ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини доимий равишда ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро даражада эътироф этилганидан далолат беради.
Адлия вазирлиги бундан буён ҳам фаолият самарадорлигини ошириш, хизматлар сифатини янада яхшилаш ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқликни таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттиради.
