Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси аъзолари Жанубий Корея Республикасининг Сеул шаҳрида.
2026-05-19 09:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси таркибидаги “Адолат” миллий-ҳуқуқий ахборот маркази аъзолари Жанубий Корея Республикасининг 2025/2026 йилларга мўлжалланган KSP (Knowledge Sharing Program) билимлар алмашинуви дастури доирасида ҳуқуқий ахборотни тарқатишда замонавий тизимлар ҳамда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш бўйича Корея тажрибасини ўрганиш мақсадида Сеул шаҳрида бўлиб турибди.
Хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси, Конституциявий суди, Давлат қонунчилиги вазирлиги, Корея ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда шу йўналишларда дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи IT компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Дастурнинг илк кунида Кореянинг қонунчилик тизими, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларга ўзгартиш киритишда рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиёти, ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказишнинг замонавий механизмлари ҳамда ушбу йўналишдаги илғор тажрибалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, Корея қонунчилик тадқиқотлари институти экспертлари билан норма ижодкорлиги жараёнида илмий-таҳлилий институтларнинг роли, ҳуқуқ ижодкорлигида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилмоқда.
Мазкур хизмат сафаридан кўзланган асосий мақсад — томонлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ахборотни рақамли бошқариш, ҳуқуқ соҳасида сунъий интеллект технологияларини қўллаш ҳамда норма ижодкорлиги жараёнларини модернизация қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат.





