Республикада фаолият юритаётган суд бошқарувчилари билан учрашув ўтказилди
2026-05-17 09:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Тўловга қобилиятсизлик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Мувофиқлаштирувчи штабнинг иш режасига мувофиқ, 2026 йил 16 май куни Адлия вазирлигида республикада фаолият юритаётган суд бошқарувчилари билан давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида адлия вазирининг биринчи ўринбосари Maxmud Istamov, Президент Администрациясининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари, шунингдек Ўзбекистон Суд бошқарувчилари Ассоциацияси раҳбарияти ҳамда 150 нафардан ортиқ суд бошқарувчилари иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 майдаги “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–78-сон Фармони ва 2026 йил 6 майдаги “Тўловга қобилиятсизлик тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–172-сон қарори мазмун-моҳияти суд бошқарувчиларига етказилди.
Шунингдек, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича суд бошқарувчиларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги Президент ҳужжатлари билан Адлия вазирлиги ҳузурида махсус ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи — Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилган, шунингдек тўловга қобилиятсизлик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.









