🇺🇿🇰🇷2027–2030 йилларга мўлжалланган интеллектуал мулк миллий стратегиясини ишлаб чиқиш юзасидан Жанубий Корея Республикаси экспертлари билан учрашув ўтказилди.
2026-05-13 11:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазирлигида Корея Республикаси Интеллектуал мулк вазирлиги ҳузуридаги Корея Ихтироларни ривожлантириш ассоциацияси (KIPA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
📌 Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–358-сон қарори ижроси доирасида, 2027–2030 йилларга мўлжалланган интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш юзасидан ташкил этилди.
🤝 Учрашувда Корея томони вакиллари — “LOUD” юридик фирмаси вакили ва патент вакили Hong Seok Jang ҳамда KIPA Халқаро ҳамкорлик бўлимининг гуруҳ раҳбари, катта эксперт Sang Yeon Hwang иштирок этди.
💬 Мулоқот давомида Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасидаги ваколатли давлат органлари ва мавжуд тизим, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмлари ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан жавобгарлик чоралари, шунингдек, соҳани янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
🌐 Шунингдек, миллий стратегияни ишлаб чиқиш жараёнига халқаро экспертларни жалб этиш, Корея Республикасининг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
📍 Ташриф доирасида Адлия вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Олий суд, Бош прокуратура, Патент вакиллари ассоциацияси ва баҳоловчи ташкилотлар вакиллари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.




