Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократияни қисқартириш чоралари кўриб чиқилди
2026-05-12 16:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократияни қисқартириш чоралари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизматларини аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай, тезкор ва шаффоф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат хизматлари кўлами 10 баробар кўпайиб, 61 миллиондан ошди. Уларнинг 80 фоизи онлайн шаклда кўрсатилмоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида тадбиркорликка оид 2 мингдан ортиқ мажбурий талаб бекор қилинди.
Шу билан бирга, соҳада ортиқча тартиб-таомиллар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бугунги кунда давлат органларида 5 минг 650 та функция, бизнесни тартибга солувчи 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1 минг 41 та давлат хизмати мавжуд.
– Бундай кўп функция ва талаблар тизимни самарасиз, қиммат ва баъзан адолатсиз қилиб қўйиши мумкин. Шу боис, фақат дерегуляция, рақамлаштириш ва соддалаштириш – энг тўғри йўл, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистонни 2030 йилга қадар “ортиқча бюрократиядан холи ҳудуд”га айлантириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури бошланган. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилган.
Дастур доирасида давлат органлари функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талабларни 20 фоизгача мақбуллаштириш, электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш кўзда тутилган.
Тақдимотда давлат хизматларини “сервис давлат” модели асосида тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор давлат хизматини бирорта ортиқча ҳужжат талаб қилмасдан, тез, шаффоф ва қулай кўрсатишга қаратилди.
Хусусан, 783 та давлат хизматига “нол бюрократия” тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш босқичлари 2 карра қисқаради. 80 турдаги хизмат проактив ва композит шаклга ўтказилади. Натижада аҳолининг турли идораларга келиш учун сарфланадиган йиллик транспорт харажатлари 35 миллиард сўмгача тежалади.
Яна 80 турдаги хизматни кўрсатиш муддати 2–3 карра қисқартирилиб, ўртача муддат 13 кундан 6 кунга туширилади. 10 та хизмат тўлиқ автоматлаштирилади. 25 та хизмат бўйича тўловларнинг камайтирилиши натижасида аҳоли ихтиёрида йилiga 851 миллиард сўмгача маблағ қолади.
Шунингдек, 10 та хизматни хусусий секторга ўтказиш, 15 та маълумот ва ҳужжатни рақамлаштириш белгиланмоқда. Бу орқали 270 дан ортиқ хизматда ушбу маълумот ва ҳужжатларни қайта сўраш амалиёти бекор қилинади.
Мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, бозорлар фаолиятига доир 20 га яқин ҳужжатда 500 дан зиёд талаб тарқоқ ҳолда юритилмоқда. Уларни тизимлаштириш орқали талабларнинг 30 фоиздан ортиғини мақбуллаштириш мумкинлиги қайд этилди.
Санитария талабларига мувофиқлик далолатномаси ва кўрикдан ўтадиган ходимлар рўйхатини электрон тизим орқали шакллантириш имконияти ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу орқали йилiga 1 миллиард сўм бюджет маблағини тежаш, ходимларнинг 24 минг иш соатини амалий фаолиятга йўналтириш мумкин бўлади.
Ҳисоб-китобларга кўра, маъмурий юкни қисқартириш иқтисодиётга йилiga 1,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри самара беради. Тартибга солиш сифатини яхшилаш қўшимча 800 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этишга хизмат қилади. Давлат ва бизнес ўртасидаги жараёнларни соддалаштириш ҳисобига меҳнат унумдорлиги йилiga 750 миллион долларга ошади. Умумий ҳисобда бюрократияни қисқартириш чоралари 2026–2030 йилларда иқтисодиётни қўшимча 13 миллиард долларга ўстириш имконини беради.
Тақдимотда reestr.gov.uz ягона платформаси орқали давлат функциялари, мажбурий талаблар ва давлат хизматлари реестрларини юритиш, идоралар фаолиятини “Bureaucracy radar” асосида баҳолаш, сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш ва “Бизнес калькулятор” орқали тадбиркорлар харажатини ҳисоблаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Президентимиз давлат хизматлари инсон қадри, тадбиркорлар учун қулай муҳит ва давлат бошқаруви самарадорлиги билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Ҳар бир вазирлик ва идора ўз функцияларини қайта кўриб чиқиши, ортиқча талаб ва ҳужжатларни бекор қилиши, хизматларни рақамлаштиришни жадаллаштириши зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга бюрократияни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш, унда ҳар бир вазирлик ва идора кесимида рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда хусусий сектор улушини ошириш бўйича аниқ режаларни белгилаш топширилди.
Шунингдек, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва барча идоралар фаолиятида “нол бюрократия” тамойилини изчил жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.



