Адлия вазири А. Ташкулов Қўқон шаҳар Давлат хизматлари марказида ташкил этилган “Turn-key” тамойили асосидаги патент вакили фаолияти билан танишди
2026-04-27 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Қўқон шаҳар Давлат хизматлари марказида товар белгиларини рўйхатдан ўтказишда “Turn-key” тамойили механизми илк бор жорий қилинганига ҳали кўп бўлмади.
Бу ерда шартнома асосида қабул қилинган тажрибали ходимлар Давлат хизматлари марказида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида товар белгисининг афзалликлари, уни рўйхатдан ўтказмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш учун жавобгарлик, шунингдек товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топшириш тартиби бўйича бирламчи ҳуқуқий тушунтиришлар беради.
Адлия вазири патент вакили фаолияти билан танишар экан, ишларнинг қандай ташкил этилгани, шунингдек ушбу нисбатан янги фаолият турини оммалаштириш бўйича қонунчиликка оид таклифлар ва муаммолар билан қизиқди.
Жараёнлар давомида вазир интеллектуал мулк қонунчилигини такомиллаштириш ва ушбу соҳага янги механизмларни жорий этиш бўйича янада изчил таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
