🔴 Ўзбекистон Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) бошқарувидаги 20-халқаро шартномага қўшилиш сари муҳим қадам ташлади
2026-04-21 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

🔹Бугун, 21-апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Келиб чиқиш жой номлари ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева актига (2015-йил 20-май) қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.
🔹Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичларни халқаро рўйхатдан ўтказиш имконини берувчи Лиссабон тизимига аъзо бўлади.
🔹Ушбу тизим орқали бир марталик рўйхатдан ўтиш ва ягона бож тўлови асосида мазкур объектлар барча иштирокчи давлатларда номаълум муддат давомида ҳуқуқий ҳимоя қилинади.
🔹Қонунга кўра, Ўзбекистон мазкур халқаро шартномага товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичлар бўйича ҳуқуқий муҳофаза фақат белгиланган бож тўлангандан ва тегишли экспертизадан ўтказилгандан сўнг тақдим этилишини назарда тутувчи баёнот билан қўшилади.
🔹Ушбу халқаро шартномага қўшилиш натижасида:
— маҳаллий тадбиркорлар учун хорижда ҳимоя қилиш харажатлари ўртача 3 баробарга камаяди;
— аризаларни топшириш жараёни соддалашади ва кўриб чиқиш муддатлари қисқаради;
— мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ошади ҳамда патент божлари тушуми кўпаяди.
🔹Энг муҳими, мазкур қадам Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
🔹Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда мамлакатимизда географик кўрсаткичлардан самарали фойдаланиш учун катта салоҳият мавжуд. Жумладан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Хоразм қовуни каби маҳсулотлар халқаро бозорда ҳам тан олинган.
🔹Ҳозирда 26 та географик кўрсаткич ва 4 та товар келиб чиққан жой номи давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, яна ўнлаб истиқболли объектлар аниқланган.
📌 Мазкур шартномага қўшилиш маҳаллий маҳсулотларни халқаро миқёсда рўйхатдан ўтказиш ва уларни ноқонуний фойдаланишдан самарали ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
