XII Петербург Юридик форуми доирасида МДҲ давлатлари адлия вазирлари йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди
2024-06-28 14:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Россия Федерациясининг Санкт-петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган XII Петербург Халқаро форуми доирасида Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов МДҲ Ижроия қўмитаси Ҳуқуқий департамент раҳбари Лариса Заудальская ва МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгаши маъсул котиби Ирина Целиковец билан учрашди.
Учрашувда томонлар МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг XVIII йиғилишини жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди.
Маълумот учун: Адлия вазирлари Кенгаши МДҲ иштирокчи давлатларнинг давлат раҳбарлари Кенгаши ва давлат ҳукуматлари раҳбарлари Кенгашининг органи ҳисобланиб, адлия вазирликлари билан ҳамкорлик қилиш, МДҲ иштирокчи давлатлари қонунчилигини уйғунлаштириш, иштирокчи-давлатларнинг ҳуқуқий сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш каби ва бошқа масалалар билан шуғулланади.
Адлия вазири А.Каримов МДХ Ижроия қўмитасига Кенгаш йиғилишини ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларга яқиндан кўмак бераётганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шунингдек учрашувда Ўзбекистонда адлия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат хизматлари ва жойларда давлат органларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ўзгаришлар тўғрисида сўзлаб берилди. Мазкур соҳаларда МДҲ иштирокчи давлатлари Адлия вазирликлари ўртасида доимий тажриба алмашиш барча учун фойдали эканлиги таъкидланди.
Л.Заудальская Кенгаш мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар, жумладан жойларда ҳуқуқий хизматларни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, ёшларга ҳуқуқий таълим бериш масалаларининг долзарблигини қайд этди.
И.Целиковец ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Кенгаш мажлисини ўтказишга тайёргарлик ишларини юқори баҳолаб, ўзбек томонидан таклиф этилаётган янги ташаббуслар, жумладан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнларни рақамлаштириш таклифини тўлиқ қўллаб қувватлади.
Мазкур таклиф амалга ошса МДҲ иштирокчи давлатлари аҳолисининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам олиш жараёнлари соддалашиши, ортиқча вақт ва ресурслар сарфининг олди олинишига эришилиши билдирилди.


