2025-йил якунлари сарҳисоби муҳокама қилинди
2026-03-27 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Адлия вазирлиги томонидан 2025-йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ҳисобот даврида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат хизматларини янада қулайлаштириш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 258 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, 30 турдаги ортиқча ҳужжат талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.
Шунингдек, «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили жорий этилиб, тадбиркорлик субъектларига бир вақтнинг ўзида 7 та хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. «Проактив қонунчилик» асосида янги ҳужжатлар ҳақида автоматик хабардор қилиш тизими ишга туширилди ҳамда 1600 та мажбурий талаб бекор қилинди.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 1 миллиондан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, «Ҳуқуқий маҳалла» лойиҳаси доирасида 1,8 миллионга яқин хонадон ўрганилди. Натижада аниқланган муаммоларнинг 97 фоизи ижобий ҳал этилди, минглаб фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Бундан ташқари, 2025-йилда 61 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиб, хизматлар муддати кескин қисқартирилди. Нотариат ва таълим тизимида рақамлаштириш ишлари кенгайтирилиб, янги инновацион платформалар жорий этилди.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди.









