Рақамли суд экспертиза ва тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилди
2026-03-18 12:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 18 март куни Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида Рақамли суд экспертиза ва тадқиқот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
📌 Маълумот учун, Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–270-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университети, Ҳиндистон миллий криминалистика фанлари университети ва «Axxonet System Technologies» компанияларининг ҳаммуассислигида ташкил этилди.
👨💼 Тадбирда «Рақамли суд экспертиза ва тадқиқот маркази»нинг асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари, кўрсатиладиган хизматлар ҳамда олиб бориладиган тадқиқотлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари мамлакатимизда суд-экспертиза соҳасини янада ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, суд-экспертиза соҳасига сунъий интеллектни жорий этиш, бу борада Ҳиндистон тажрибасини кенг қўллаш масалаларини муҳокама этдилар.
✅ Марказ фаолияти мамлакатимизда юридик таълимни янада ривожлантириш, талабаларнинг амалий билим олишини таъминлаш, замонавий технологияларни ўқув жараёнларига жорий этиш, суд-экспертиза соҳасини рақамлаштириш, унга сунъий интеллект технологияларини кенг жалб этишга кўмаклашиш ҳамда рақамли суд экспертизаларига оид тадқиқотларни ўтказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.






