Ўзбекистон–Германия: адлия соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-03-11 15:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири ўринбосари М. Икрамов Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) директори Ш. Хюльшёрстер бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасида адлия ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қонун ижодкорлиги, давлат хизматлари тизимини рақамлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда бепул юридик ёрдам кўрсатиш йўналишларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Lex.uz платформасининг ривожлантирилиши, сунъий интеллект асосидаги LexAI тизимининг жорий этилиши ҳамда давлат хизматларини соддалаштиришга қаратилган ташаббуслар шулар жумласидандир.
Шунингдек, томонлар IRZ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан Европа Иттифоқининг TWINNING грант лойиҳаси доирасида қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилишди.
Учрашув якунида адлия ва ҳуқуқ соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келгусидаги истиқболлар белгиланди.






