Ўзбекистон қонунчилиги ЖСТ талабларига мослаштирилмоқда
2026-03-09 15:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон қонунчилиги ЖСТ талабларига мослаштирилмоқда
🔸 Жорий йилнинг 9 март куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг **Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)**га аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 12-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж. Ходжаев бошчилигидаги делегация таркибида Адлия вазирлиги ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
🔹 Йиғилишда Адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов томонидан миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот қилинди.
▪️ Ишчи гуруҳнинг 11-йиғилишидан буён 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ЖСТ талаблари билан мувофиқлаштирилди.
▪️ Натижада, бугунги кунга қадар ЖСТ талабларига уйғунлаштирилган ҳужжатлар сони 180 тадан ошди.
Қабул қилинган ҳужжатлар қуйидаги муҳим ўзгаришларни назарда тутади:
Божхона соҳаси:
Савдо-иқтисодий муносабатларда “энг кўп қулайлик бериш режими” қўлланилмайдиган давлатлардан олиб кириладиган маҳсулотлар учун белгиланган икки баробар божхона божлари бекор қилинди. Шунингдек, “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида тақиқ ва чекловлар реестрини юритиш, давлат идоралари хизматлари учун йиғимлар миқдорларини эълон қилиб бориш ҳамда тадбиркорларга қулайлик яратиш учун “маслаҳатчи аудитор” фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди. Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ойлик импорт чеклови бекор қилинди.
Рақобатни ривожлантириш:
Қора ва рангли металлар ҳамда табиий газ савдосида айрим корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиниб, ўрнига лицензиялаш тартиби жорий этилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси:
Икки ва ундан ортиқ мувофиқликни баҳолаш хизматлари кўрсатувчи хусусий ташкилотлар фаолият юритаётган соҳаларда давлат ташкилотларининг бундай хизматларни кўрсатиши тақиқланди. Шунингдек, мувофиқликни баҳолаш органларига экспорт талабларига мос хорижий стандартлар асосида иш олиб боришга рухсат берилди ҳамда стандартлардан фойдаланиш ихтиёрий бўлиши белгиланди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги:
Халқаро тан олинган сертификатга эга озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда санитария-эпидемиологик хулоса олиш талаби бекор қилинди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари Алиментариус Кодекси талабларига мувофиқлаштирилди.
✅ Ушбу ислоҳотлар савдони либераллаштириш, тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш ҳамда рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилади.
