«НО-ШПА» товар белгиси ҳуқуқий ҳимоя қилинди
2026-03-03 12:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Вазирлик томонидан Венгриянинг «Opella Healthcare Hungary Kft.» компаниясига тегишли «НО-ШПА» товар белгисини ҳимоя қилиш юзасидан йўлланган мурожаат кўриб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида «D.P.» МЧЖ фаолиятида текширув ўтказилиб, «НО-ШПА» товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган «ДРО-ШПА» белгиси ва график элементларидан фойдаланган ҳолда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани аниқланди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолати юзасидан ҳуқуқбузар юридик шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, яъни 82,4 млн сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Ўз брендингизга нисбатан ҳуқуқий муҳофаза таъминлаш мақсадида уни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишингизни, шунингдек, брендингизнинг ноқонуний қўлланилиши ҳолатларига дуч келган тақдирда Адлия вазирлигининг «1008» ишонч телефони орқали ёки info@adliya.uz электрон почта манзилига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

