Кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини олди-сотди қилишда ҳисоб-китоблар – энди нақдсиз шаклда
2026-02-20 15:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқлашда ҳисоб-китобларни нақдсиз шаклда амалга оширишни йўлга қўйиш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ–246-сон Фармонига мувофиқ 2026 йил 1 апрелдан бошлаб жорий этилади.
Тадбирда Марказий банк Раисининг биринчи ўринбосари Н. Саидуллаев, Адлия вазири ўринбосари М. Икрамов, Нотариал палата раиси Д. Ашуров, шунингдек Адлия вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклари вакиллари ҳамда амалдаги нотариуслар иштирок этди.
Учрашувда:
▪️ аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига тезкор ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш,
▪️ нотариал идоралар ва банкларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш,
▪️ ҳисоб-китобларни содда, тушунарли ва хавфсиз шаклда ташкил этиш,
▪️ электрон ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ушбу чора-тадбирлар:
▪️ ҳисоб-китобларнинг ишончлилигини ошириш,
▪️ фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш,
▪️ молиявий операциялар шаффофлигини таъминлаш,
▪️ яширин иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилади.






