Яшнобод туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди
2026-02-20 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори ижроси доирасида Яшнобод туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Тақдимот жараёнида жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини илмий асосда ўрганиш, уларни барвақт аниқлаш ҳамда манзилли чоралар кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Тошкент давлат юридик университети томонидан жиноятчилик ҳолатлари илмий жиҳатдан таҳлил қилиниб, амалий тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “маҳалла еттилиги” аъзоларининг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш бўйича мутасаддилар томонидан илгари сурилган таклифлар кўриб чиқилди.
Мазкур ёндашув ҳудудларда профилактика ишларини янада самарали ташкил этишга хизмат қилиши қайд этилди.



